Асмиранинг ота-онаси бу вақт оралиғида мурожаат қилмаган врачи, бормаган шифохонаси қолмади. Касалликнинг ягона давоси – хориж клиникаларида жигар трансплантациясини ўтказиш эди. Бунинг ҳам чораси топилди.
Қисқа вақт ичида Асмира Туркиянинг “Аджибадем” клиникасига операция амалиётини ўтказиш учун шошилинч юборилди. Операция муваффақиятли ўтказилди.
Бундан бир ой аввал боланинг отаси Усмон Абдусаматов Болаларни қўллаб-қувватлаш Жамоат фондига қўнғироқ қилиб, фарзандининг аҳволи яхши эканлигини, жигар кўчириш амалиёти муваффақиятли амалга оширилганлигини айтиб, Президентимизга ва Жамоат фондига алоҳида миннатдорчилик билдирган эди.
Ушбу мураккаб операция Фонднинг молиявий кўмагида амалга оширилаётган биринчи ва охирги амалиётлар эмас. Шу кунга қадар 21 нафар бола хорижнинг нуфузли клиникаларида даволаниб, саломатлигини тиклаб қайтди.
Жажжи кичкинтой Асмира ва унинг ота-онаси бугун Болаларни қўллаб-қувватлаш Жамоат фондига ташриф буюриб, ушбу имкониятни яратиб берган Президентимизга ва Фонд томонидан барча харажатлар қоплаб берилганлиги учун ўз миннатдорчиликларини билдиришди.