Янгиликлар
calendar 19.09.2024 | 11:29
view 386
Болалар ортопедия марказида қандай мураккаб операциялар ўтказилмоқда?

Акбар Тиляков,
Республика болалар ортопедия маркази директори:

— Муассасамизда кичик ёшли беморларнинг таянч-ҳаракат тизимидаги туғма ва орттирилган деформация ҳамда нуқсонлар эрта босқичда аниқланиб, инновацион усулларда даволанмоқда. 

 Хусусан, бундай ихтисослашган тиббий хизмат туфайли йилига минглаб бемор ўғил-қизлар соғлом ҳаётга қайтяпти. Уларда шифокорларимиз томонидан 70 турдаги операциялар ўтказилмоқда. Шундан 50 турдагиси мураккаб ва ноёб жарроҳлик амалиётларидир. 

Марказ диагностик поликлиника, радиология, клиник лаборатория, анестезиология-реанимация, операцион блок ва 5 та клиник бўлимдан иборат. 

Бу ерда ўзлаштирилаётган илғор даволаш усуллари йилдан-йилга кўпаймоқда. Жумладан, жорий йил илк бор номукаммал остеогенез ва бошқа тизимли касалликларда "Sofield" операцияси, товон суягини медиализацияловчи-коррекцияловчи остеотомия, бош мия фалажи оқибатида сон суягининг спастик оғир чиқишида ушбу таянч-ҳаракат нуқтасини проксимал вальгусловчи остеотомия каби мураккаб амалиётлар йўлга қўйилди. 

 Шунингдек, Болаларни қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди билан ҳамкорликда россиялик шифокорлар иштирокида умуртқа поғонасининг туғма ва диспластик сколиоз касаллиги оғир даражаларини замонавий тароскопик коррекциялаш ҳамда стабилизациялаш операциялари ўтказилди, орфан касалликларига тўғри ташҳис қўйиш бўйича маҳорат дарслари бўлиб ўтмоқда. 

Натижада чаноқ-сон бўғимлари дисплазияси, сон суякларининг туғма чиқиши, туғма маймоқлик ва бўйин қийшиқлиги, умуртқа поғонаси ҳамда кўкрак қафаси деформациялари, оёқ-қўлларнинг туғма ривожланиш аномалиялари сингари ортопедик касалликларга чалинган ўғил-қизларнинг саломатлиги тикланди.