Болаларни қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди эҳтиёжманд оила фарзандларини нафақат даволаш, операция қилиш, реабилитатсия ишлари, балки уларнинг операцияси учун зарур бўладиган тиббий мосламаларни ҳам харид қилиш борасида кўплаб хайрли ишларни амалга оширмоқда.
Фондга бундан бир ой аввал “Ўнг сон суяги пастки учлиги остеоген саркомаси” ташҳиси билан Бекмурод Султонов ҳамда “Ўнг сон суяги дистал қисми остегенсаркомаси 2-босқичи” ташҳиси билан Зохирахон Ашуралиеваларнинг ота-оналари операция учун зарур бўладиган ўсувчи эндопротез тиббий мосламасини сўраб мурожаат қилишган эди.
Фонд мазкур масалани эътиборсиз қолдирмади. Чехия Республикасида ишлаб чиқарилган ушбу эндопротез тиббий мосламаларига қисқа муддат ичида буюртма берилиб, куни кеча у Фондга олиб келинди.
Энди ушбу тиббий мосламалар орқали бемор фарзандларимиз саломатлиги қайта тикланиб, уларнинг таянч-ҳаракат тизимларидаги нуқсонлар тўлиқ бартараф этилишига эришилади.