Янгиликлар
calendar 23.12.2024 | 12:27
view 525
ФОНД ТУРКИЯДА ДАВОЛАНАЁТГАН БЕМОР БОЛАГА ТАБРИКНОМА ЮБОРДИ

Болаларни қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди анъанага мувофиқ, Туркиянинг Medical Park Bahçelievler клиникасида даволанаётган 14 ёшли Баркамолжоннинг туғилган куни муносабати билан байрам совғаларини юборди. 

Баркамол Муҳриддинов 2010 йил 18 февралда Наманган вилояти Норин туманида таваллуд топган. Кутилмаган дард жажжи болакайни ўз синовига олди. У чап томонлама буйрак усти бези хавфли феохромацитомаси ташхиси билан яқинда мураккаб операцияни бошидан кечирди. Ҳозир унинг аҳволи ижобий томонга ўзгармоқда.

– Ўғлимнинг туғилган куни муносабати билан Жамоат фонди томонидан табрикнома келди. Турли ширинликлар, байрам торти ва расм чизиши учун бўёқлар тўплами совға қилинди. Биз буни кутмагандик. Мусофир юртда бошимиздан кўп синовларни ўтказяпмиз. Аммо давлатимиз, бизни молиявий қўллаб-қувватлаган Фонд раҳбарияти унутиб қўйгани йўқ. Мен уларга алоҳида миннатдорчилик билдираман. Операция яхши ўтди. Жуда хурсандмиз. Тез кунда Ўзбекистонга қайтамиз, – дейди беморнинг онаси Нигора Жўраева.

Баркамолжон ҳам кутилмаган байрам совғасидан хурсанд эканлигини билдирди.