Янгиликлар
calendar 23.12.2024 | 10:13
view 573
Имконияти чекланган болалар қўллари билан яратилган маҳсулотларнинг савдо ярмаркасидан 20 миллион сўмдан ортиқ маблағ ишлаб топилди

Жорий йилнинг 5 май куни пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги 103 алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатида меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.

Мазкур ярмарка имконияти чекланган ўқувчиларнинг касб-ҳунар орқали даромад топишларини рағбатлантириш мақсадида ҳар йили ўтказиб келинади.

“Моҳир қўллардан — меҳрли қўлларга” шиори остида бўлиб ўтган ярмаркада бу йил юздан ортиқ ишлар: расм, юмшоқ ўйинчоқ, батик, зардўзи ва мунчоқли буюмлар, дурадгорлик ишлари тақдим этилди.

Меҳнат ярмаркаси кўргазмасида ишлаб топилган 20 миллион сўмдан ортиқ маблағ мактаб-интернатидаги болаларнинг ижодий қобилиятларини ривожлантиришга қаратилади.