Янгиликлар
calendar 23.12.2024 | 15:44
view 822
ЖИГАР КЎЧИРИШ ОПЕРАЦИЯСИ МУВАФФАҚИЯТЛИ ЎТДИ

Асмира ҳали 2 ёшда. Аммо боланинг саломатлигида жиддий ўзгариш бўлиб, унга “Ўт  йўллари атрезияси. Ҳомила ичи гепатити. Холестатик синдром. Жигар  циррози” ташҳиси қўйилди. Асмиранинг ота-онаси бу вақт оралиғида мурожаат қилмаган врачи, бормаган шифохонаси қолмади.

Касалликнинг ягона давоси – хориж клиникаларида жигар трансплантациясини ўтказиш эди. Бунинг ҳам чораси топилди. 

Боланинг отаси Усмон Абдусаматов вақтни бой бермай, Болаларни қўллаб-қувватлаш Жамоат фондига мурожааат қилди. Шу куннинг ўзидаёқ Фонд томонидан хориждаги клиникаларда даволаниш имкониятлари кўриб чиқилди. Малакали мутахассислар билан маслаҳатлашилди. 

Қисқа вақт ичида Асмира Туркиянинг “Аджибадем” клиникасига операция амалиётини ўтказиш учун шошилинч юборилди. 

Бугун унинг отаси Усмон ака Фондга қўнғироқ қилиб, фарзандининг аҳволи яхши эканлигини, жигар кўчириш амалиёти муваффақиятли амалга оширилганлигини айтиб, Президентимизга ва Жамоат фондига алоҳида миннатдорчилик билдирди.

Асмиранинг операциядан кейинги аҳволи анча яхши. Шифокорларнинг доимий назоратида бўлиб турибди. Биз уни тезда соғайиб, юртимизга қайтишини кутиб қоламиз.