Янгиликлар
calendar 23.12.2024 | 22:34
view 568
МАДИНАБОНУНИНГ ОРЗУСИНИ “МОҲИР ҚЎЛЛАР” ЛОЙИҲАСИ РЎЁБГА ЧИҚАРДИ

Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида яшовчи 17 ёшли II гуруҳ ногирони Мадинабону Аҳмедованинг болаликдаги орзуси ушалди. У энди моҳир тикувчилардан бири.

Болаларни қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан ҳамкорликда амалга ошираётган “Моҳир қўллар” лойиҳаси доирасида Мадинабону ҳам "Мономарказ"да таҳсил олиб, қўли гул тикувчилардан бирига айланди. Яна бир қувончли томони, бу ёш қизимизга Давлат томонидан ҳам имтиёзли асосда турар жой биноси берилибди.

–  Бугун қувончим жуда чексиз. Ўзимни энг бахтли қизлардан бири сифатида ҳис қиляпман, – дейди у қувонч кўз ёшлари билан. – Давлатимиз бизни ўз ҳолимизга ташлаб қўймади. Касб-ҳунарга ўргатди. Болаликдаги орзуим ушалди. Фондга ҳам раҳмат. Менга бугун янги тикув машинасини совға қилишди. Энди уйимиз ёнидаги “Тикувхона”дан буюртмаларни олиб, уй шароитида тикиш имконига эга бўлдим. Бунинг учун Президентимизга раҳматлар айтаман.

Мадинабонунинг нутқ соҳасида муаммо бўлишига қарамай, у ўз фикрини сизга тушунтира олади. Энг муҳими, унда шижоат, сабр ва ҳаракатчанликни кўрасиз. Бундан ташқари, энди унинг овуниб, севиб ишлайдиган касби ҳам бор. Биз унинг ишларига омад тилаб қолдик.

Акция давом этмоқда. Батафсил яна тўхталамиз.