"...Мен ижодий имтиҳон орқали Глиэр номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа мактабига қабул қилинганман. Чунки, мен ўқишга топширган мактабим республикада таниқли мактаблардан бири эди. Имтиҳондан ўтган куним Дадажоним менга фортопианино совға қилганлар. Бу менга катта мотивация бўлган. Мактабда биринчи ўқитувчим 2 та бўлган. Ёзиш, ўқишни илк бор устозим (Оллоҳ раҳматига олган бўлсин) Матлюба Мирзаевадан ўрганганман, пианино чалишни эса биринчи синфда устозим Фаина Арионовна ўргатган эдилар. Мен мактабга қадам қўйганимда ота-онамга фақат 5 баҳога ўқишни ваъда қилганман ва шу боис биринчи синфни "Мақтов ёрлиғи" билан тугатганман. Бизга таълим берган устозларимиз жуда сабрли ва билимли бўлганлар. Шу билан бирга, мен жуда шўх, мактабнинг ҳар бир тадбирида фаол қатнашганман. Энг эсимда қолгани, ўқ отишдан «меткий стрелок» мукофотини олганман. Ёзма иш ўтказилса, бутун синфга кўчиришга жавобларини секин тарқатиб ўтирардим. Шунинг учун синфда ҳурматим баланд эди. Энг ёқтирмайдиган дарсларимга келсак, математика, рақс ва жисмоний тарбия дарслари эди. Арқонга чиқа олмасдим ва бутун синф ўқитувчи залга кириб келгунча мени амаллаб чиқариб қўйишарди. Синфда ҳар хил характерли ўкувчилар эдик, лекин устозлар бизга қандай қилиб аҳил бўлишни ўргатган эдилар . Хуллас , мактаб даври олтин давр экан. Устозларни биздек ўқувчиларга сабр қилиб, илм берганларига тан бериш керак. Мактабни эса ўқитувчиларимиз берган билимлар билан аълочилар қаторида медаль билан битирганман.
Фурсатдан фойдаланиб, бугунги байрам билан барча устозларимни табриклайман. Уларнинг машаққатли ва шарафли ишларига улкан ривожлар тилайман.
Азиз болажонлар!!! Сиз ҳам фидойи ва жонкуяр устозларингизни ҳурмат қилиб, қадрланг!!! Чунки, улар сизнинг келажак пойдеворларингиздир.