Янгиликлар
calendar 23.12.2024 | 18:22
view 521
“МОҲИР ҚЎЛЛАР” ЛОЙИҲАСИ ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИДА ДАВОМ ЭТМОҚДА

II гуруҳ ногирони Роман Шокола энди сантехниклик билан шуғулланади.

Хабарингиз бор, шу кунларда Болаларни қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан ҳамкорликда “Моҳир қўллар” лойиҳасини амалга оширмоқда. Бу лойиҳа орқали жуда кўплаб ногиронлиги бор ёшлар доимий иш билан таъминланиб, оилалари даромадига муносиб ҳисса қўшмоқдалар. 

Қибрайлик 18 ёшли 2-гуруҳ ногирони Роман Шокола тумандаги “Мономарказ”да сантехник ва чилангар уста касбини ўқиб, мукаммал эгаллади. Эндиликда у ишлаб, оиласига нафи тегиши учун Фонд томонидан зарур асбоб-ускуналар сотиб олиниб, хайрия сифатида тақдим қилинди.

Роман ёш бўлишига қарамай, келажакка бўлган қизиқишлари катта. Афсуски, у ҳозир на эшитади, на гапира олади. Шундай бўлсада умидини сўндирмай, ўз устида тинимсиз ишлайди, одамларга фойдаси тегишини хоҳлайди.

– Боламнинг қизиқишларини эътиборсиз қолдирмай, уни ўқитиб, яна зарур техникалар олиб берганингиз учун катта раҳмат. Аввало, Президентимизга, қолаверса вазирликка ва Жамоат фондига ҳам алоҳида ташаккур айтаман. Бизнинг ҳолимиздан хабар олиб, ўғлимни бир касб эгаси қилишга ёрдам берганингиз бизни жуда миннатдор қилди, – дейди унинг онаси қувончини яширолмай.

Эндиликда Роман уй-жой коммунал бошқармаларида, сервис бошқарув  компанияларида сантехник-чилангар уста сифатида меҳнат қилиб, қўшимча даромадга эга бўлади. Унинг ишларига омад тилаймиз.

Акция Чирчиқ шаҳрида давом этмоқда.