Янгиликлар
calendar 23.12.2024 | 15:22
view 622
Ўзбек травматолог-ортопедлари эришган ютуқлар хорижлик олимлар томонидан эътироф этилди

Пойтахтимизда Ўзбекистон травматолог-ортопедларининг Х съезди бўлиб ўтди. Соҳа ривожининг устувор йўналишларига бағишланган мазкур тадбирда юртимиздан 200 нафар ва АҚШ, Россия, Жанубий Корея, Туркия, Ҳиндистон, Бангладеш, Беларусь, Украина ҳамда Қозоғистон давлатларидан 50 нафардан ортиқ тиббиёт олимлари ва мутахассислар иштирок этди.

Кун тартибидан таянч-ҳаракат аъзолари жароҳатлари ва касалликларининг олдини олиш, ташхислаш ҳамда даволаш, остеосинтез муолажасининг энг янги усуллари, йирик бўғимлар артроскопияси ва эндопротезлаш операциялари, умуртқа жарроҳлиги, болалар травматологияси ва ортопедияси масалалари ҳамда остеопороз муаммоларига бағишланган қатор маърузалар ўрин олди. 

Жумладан, унда Республика болалар ортопедия маркази бош шифокори А.Тиляков тақдимот қилди. Таъкидландики, амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида юртдошларимизнинг таянч-ҳаракат тизими хасталиклари муолажаси учун хорижий мамлакатларга боришига ҳожат қолмади. Съездда ана шу ютуқлар нафақат юртимиз вакиллари, балки хорижлик қатнашчилар томонидан ҳам эътироф этилди.

Анжуманда болаларда туғма маймоқликни Понсети усулида даволаш мавзусида симпозиум ва сколиоз касаллигини янги жарроҳлик технологиялари орқали муолажа қилишга бағишланган маҳорат дарси ўтказилди.

Марказ директори А.Тиляков таъкидлаганидек, Болаларни қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан марказга Ўзбекистонда илк бор “Fassier Duval” телескопик тузилмалар ҳамда фиксаторларни жарроҳлик йўли билан ўрнатиш учун махсус жарроҳлик асбоблари беғараз ёрдам сифатида берилгани алоҳида таъкидланди ва унинг аҳамияти тушунтириб берилди.