Янгиликлар
calendar 23.12.2024 | 14:46
view 719
ВАСИЙЛИК КЕНГАШИНИНГ НАВБАТДАГИ ЙИҒИЛИШИ

Ўзбекистон Республикаси Болаларни қўллаб-қуватлаш жамоат фонди Васийлик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишни Васийлик кенгаши раиси ўринбосари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмита раиси М. Ходжаева олиб борди.

Кун тартибидаги бир қатор масалалар юзасидан кенгаш аъзоларининг фикр-мулоҳаза ва ҳисоботлари тингланди.

Хусусан, жорий йилнинг 14-19 ноябрь кунлари Хоразм вилоятида “Эзгулик манзили” хайрия акцияси ўтказилиши режалаштирилган. Акция даврида мутахассисларнинг хизмат сафар харажатларини молиялаштириш Болаларни қўллаб-қуватлаш Жамоат фонди маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгиланди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва мехнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда “Моҳир қўллар” лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган. Бунда Республика бўйлаб эҳтиёжманд, кам таъминланган, оғир шароитга тушган, олис туманларда турадиган ва ногиронлиги бор бўлган 33 нафар 16-18 ёшдаги болаларни ижтимоий мослаштириш, уларнинг қизиқишларидан келиб чиқиб, касб-ҳунарга ўргатиш мақсадида Мономарказ орқали уй шароитида ўзини-ўзи банд қилиши учун асбоб-ускуналар билан таъминлаш белгиланмоқда. Ушбу лойиҳа учун фонд томонидан барча ўқитилган ногиронлиги бўлган болаларга Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан ишлаб чиқилган асбоб-ускуналарни харид қилиш ва уларга топшириш таклифи берилди.

Бундан ташқари, юрак нуқсонли болаларни жарроҳлик амалиёти ёрдамида даволаш мақсадида 100 дона оксигенаторларни харид қилиш ва уни тегишли тартибда тиббиёт муассасаларига хайрия қилиш кўзда тутилган.

Яна бир лойиҳа. Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда “Биргаликда ўқиймиз” лойиҳасини амалга ошириш назарда тутилган. 30 нафар жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болаларни компьютер, планшет, ноутбук, керакли ўқув қуроллари билан таъминлаш орқали уларни уйда таълим олишларига кўмаклашилади. Мазкур тадбирлар "Халқаро ногиронлар куни" муносабати билан кенг миқёсда амалга оширилади.

Шунингдек, ногиронликни олдини олиш, чала ва эрта туғилган болалар ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида 20 дона зарур тиббий жиҳоз ва ускуналарни харид қилиш кўзда тутилган.

Кенгаш аъзолари ҳар бир тақдим этилган масала юзасидан ўз муносабатини билдирдилар ва кечиктириб бўлмайдиган молиявий ёрдамларни ўз вақтида амалга ошириш юзасидан хулосалар берилди ҳамда қарор баёни бир овоздан маъқулланди.

Шунингдек, йиғилишда бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.