Янгиликлар
calendar 23.12.2024 | 02:29
view 629
ЯНГИ ЛОЙИҲА: "БОЛАЛИК ЗАВҚИ"

ЯНГИ ЛОЙИҲА: "БОЛАЛИК ЗАВҚИ" 
Унинг доирасида “Ёш китобхон” маънавият бурчаклари ташкил этилмоқда

Бизнинг мақсадимиз шифохоналарда узоқ даволанадиган болажонларга имкон қадар қулай болалик муҳитини яратиб беришдир. Бунинг учун нималар қилинади?

– Аввало, ўша клиникада болаларнинг мароқли дам олиши учун ўйин хоналари жиҳозланиб, улар болаларнинг ёшидан келиб чиқиб зарур ўйинчоқлар мажмуаси билан тўлдириб борилади. Яна бир эътиборли жиҳати, шифохона қошида “Мўъжазгина кутубхона” бурчагини ташкил этишдир. Китоб жовони мунтазам равишда қизиқарли адабиётлар билан бойитиб борилади. Ҳаттоки, болалар шифохонадан чиққан тақдирда ҳам, ўқиб тугалланмаган китоблари бўлса, уни ўзлари билан олиб кетишлари мумкин, – дейди лойиҳа ташкилотчиси, Болаларни қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди ижрочи директори ўринбосари Б.Абдусаматова.

“Ёш китобхон” лойиҳасининг илк манзили Республика болалар суяк сили санаторийсида ташкил қилинди. Фонд томонидан ўзига хос ноу-хау усулида ясалган китоб жовони совға қилинди ва унга биринчи бўлиб Болаларни қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди ижрочи директори М.Садиков қизиқарли адабиётлар тўпламини ҳам туҳфа қилди. Бу ҳали бошланиши. Бу анъанани ҳар бир ташриф буюрувчи болажонлар маънавиятини юксалтириш йўлида давом эттириши мумкин. Чунки, китоб билан дўст тутинган ёш авлод қалбида фақат эзгулик уруғлари унуб чиқиши, шубҳасиздир.

Азиз юртдошлар!!! Агар сиз ҳам ушбу лойиҳа иштирокчиси бўлишни истасангиз, ўзингиз севиб мутолаа қилган ва тавсия этмоқчи бўлган китобларингизни "Мўъжазгина кутубхона"миз учун туҳфа қилинг!!! Бу китобларни Фондга олиб келиб берсангиз, биз, албатта, бу адабиётларни болажонларга совға қиламиз.

Фонд томонидан бошланган ана шундай эзгу ғоя ва ташаббус бошқа клиникаларда ҳам давом этади.