Янгиликлар
calendar 17.04.2025 | 09:06
view 152
БОЛАЛАР ФОНДИ ВА ОЛИЙ МАЖЛИС ДЕПУТАТЛАРИ БЕМОР БОЛАЖОНЛАР ҲОЛИДАН ХАБАР ОЛДИ

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси депутатлари ҳамда Болаларни қўллаб-қуватлаш Жамоат фонди Васийлик кенгаши аъзолари 21 март – Наврўз умумхалқ байрами арафасида У.Қурбонов номидаги Республика болалар руҳий-асаб касалликлари шифохонасига ташриф буюриб, бу ерда даволанаётган бемор болажонлар ҳолидан хабар олдилар.

Учрашувда Болаларни қўллаб-қувватлаш Фонди томонидан 250 та турли адабиётлар, ширинликлар ва ўқув қуроллари жамланган эсдалик совғалари топширилди.

Шифохона 250 ўринга мўлжалланган бўлиб, 10 та бўлим, ёрдамчи ва иқтисодий бўлимларни ўз ичига олади. Бу ерда марказий асаб тизимининг перинатал патологияси, болалар серебрал фалажи, спинал мушак атрофияси ва аутистик спектр бузилишлари билан оғриган болаларга мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан тиббий маслаҳат, жарроҳлик ва реабилитатсия хизматлари кўрсатилади. 

Эътиборли жиҳати, бу ерда 30 ўринга мўлжалланган республикада ягона бўлган “Аутизм спектри бузилишлари бўлган болаларни реабилитатсия қилиш бўлими” фаолият юритмоқда. Ҳар йили статсионарда 4 мингга яқин бемор даволанади, поликлиникада эса 20 мингдан ортиқ бола маслаҳат олади.