Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 4 октябрдаги “Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–5255-сон қарорига мувофиқ ташкил этилган Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди қисқа вақт ичида кўплаб оилаларнинг қувончу шодлигига, ёрдамга муҳтож болажонларнинг тенгдошларига қаторига қайтишига катта сабаб бўлди.
Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан “Болаларни қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан амалга оширилган ишлар натижадорлигини кўриб чиқиш ва муҳокама қилиш” масалаларига бағишланган Қўмита эшитуви бўлиб ўтди.
Йиғилишда таъкидландики, ўтган давр мобайнида Фонд томонидан қийин шароитга тушган, молиявий етишмовчилиги бўлган оилаларнинг бемор, ногиронлиги бўлган болаларига тиббий ҳамда ижтимоий ёрдам кўрсатиш мақсадида жами 10357 та мурожаат келиб тушган. Шундан, 7639 нафар болага чуқурлаштирилган тиббий-диагностика текширувлари ўтказилди. 1070 нафар болада тиббий акциялар давомида операция амалиётлари бажарилди. 110 нафар бола эса хориж клиникаларида операция қилиниб, соғломлаштирилди. 220 нафар болага ижтимоий ҳолатидан келиб чиқиб, турли ёрдамлар кўрсатилди. 1305 нафар боланинг таълим олиши учун зарур адабиётлар, техник асбоб-ускуналар, ўқув қуроллари харид қилинди. 33 нафар бола эса касб-ҳунарга ўқитилиб, ўзини-ўзи банд қилиши учун зарур асбоб-ускуналар олиб берилди.
Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди Васийлик кенгаши томонидан шу кунга қадар 11 та йиғилиш ўтказилган бўлиб, унда 231 та масала муҳокама учун киритилган. Вилоятларда ўтказилган хайрия акциялари доирасида маҳаллий мутахассислар учун 1000 га яқин маҳорат дарслари ўтказилди. Туркиянинг юқори малакали ортопедлар гуруҳининг ташрифи давомида 470 нафар бемор болалар тиббий-кўрикдан ўтказилди ҳамда 25 нафарига туғма скалиоз ташхиси асосида ва 40 нафарига республика даражасида қилиб бўлмайдиган мураккаб пластик жарроҳлик амалиётлари ўтказилди.
Шунингдек, Болалар миллий тиббиёт марказига шошилинч тарзда 30 нафар бемор бола учун окллюдер (жарроҳлик кесишсиз очиқ артериал канални ёпиш) мосламаси, Самарқанд ва Фарғона вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳамда Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникасида 300 нафар оғир туғма юрак нуқсони бўлган болаларга жарроҳлик амалиётини ўтказиш мақсадида оксигенаторлар ҳамда 6 дона кардиомонитор харид қилинди. Бунинг натижасида 330 нафар туғма юрак касаллиги бор бемор болаларга жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Чала туғилган болаларни парваришлаш, ногиронликни олдини олиш мақсадида Республика перинатал марказига 20 дона кювез аппарати харид қилинди.
Ҳозирда республикада генетик лаборатория текширувлари такомиллашиб, бир қатор орфан касалликлари аниқланмоқда. Ушбу касалларга ишлатиладиган дори воситалари ҳамда тиббий воситалар камёб ва жудаям қимматдир, жумладан “Номукаммал остеогенез”, “Гоше”, Мукополисахаридоз ва бошқа бир қатор касалликларни даволаш Давлат дастурида назарда тутилмаганлигини инобатга олиб, Болалар фонди ушбу касалликлар бўйича бемор болаларнинг ижтимоий ҳимоясига, дори-дармонлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Жумладан, 50 нафар орфан касаллиги ҳисобланган “Номукаммал остеогенез” ташхиси бўлган болаларнинг суякларини мустаҳкамлаш учун телескопик стержень ҳамда махсус жарроҳлик ускуналари харид қилинди. “Гоше” ташхисли бемор болаларни даволаш мақсадида, республикага илк маротаба “Глуразим” дори воситаси (бир флакони 1,2 минг АҚШ долл.) келтирилиб, Россиялик ҳамда Республика ихтисослаштирилган педиатрия тиббиёт маркази мутахассислари билан биргаликда 10 нафар бемор болада даволаш амалиётлари олиб борилмоқда.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан биргаликда “Моҳир қўллар” лойиҳаси доирасида 33 нафар
16-18 ёшли ногиронлиги бўлган болалар “Моно-марказ”ларда ўқитилиб, касб-ҳунарга ўргатилди ва уларни уй шароитида ўзини-ўзи банд қилиши учун асбоб-ускуналар сотиб олинди. Шифохоналарда узоқ даволанаётган 1500 нафар бемор болаларга дарсларда фойдаланиш учун ўқув қуроллари, 12 турдаги адабиётлар тўплами ҳамда болалар реабилитациялари учун тиббий техникалар ва 5 нафар болага реабилитация жараёнида ўқув дастуридан орқада қолмаслиги учун ноутбук ва компьютерлар тўплами топширилди.
Жамоат фонди томонидан кўрсатиладиган ижтимоий, ўқув ҳамда тиббий дастурлар ишлаб чиқилди ҳамда фонднинг расмий сайти ва электрон платформасига жойлаштириб борилмоқда.
Йиғилиш якунида қўмита аъзолари томонидан кўтарилган масалалар ва унинг ечими борасида таклифлар ўртага ташланиб,тегишли қарорлар қабул қилинди.