Янгиликлар
calendar 27.10.2026 | 13:01
view 6
“СОҒЛОМ КЕЛАЖАК” АКЦИЯСИ БОШЛАНДИ 🏥✨ Наманганда туркиялик шифокорлар иштирокида 100 дан ортиқ мураккаб операция ўтказилиши режалаштирилган.

Болаларни қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди ташаббуси билан вилоятимизда “Соғлом келажак” хайрия акциясининг навбатдаги амалий босқичи бошланди. Туркиянинг етакчи тиббиёт муассасаларидан жалб этилган 20 нафарга яқин малакали шифокор яна Ўзбекистонга ташриф буюрди. Бу галги асосий мақсад — эҳтиёжманд оилалар фарзандларини қўшимча тиббий кўрикдан ўтказиш ҳамда иш аввалида сараланган беморларда мураккаб жарроҳлик амалиётларини бажаришдир.

26–30 октябрь кунлари вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида туркиялик ва маҳаллий мутахассислар ҳамкорлигида пластик жарроҳлик ҳамда умумий хирургия йўналишларида 100 дан ортиқ операция ўтказилиши мўлжалланган. Барча тиббий хизматлар хайрия акцияси доирасида бепул ташкил этилади. 💰🚫

Мазкур ташаббуснинг дастлабки босқичида 400 нафардан ортиқ бола чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилган. Жумладан, 412 нафар боланинг 244 нафари умумий хирургия, 168 нафари эса пластик хирургия йўналишида текширилган. Мутахассислар хулосаси асосида жарроҳлик амалиётига муҳтож болалар саралаб олиниб, уларни операцияга тайёрлаш бўйича зарур чоралар белгиланган.

-         Яқинда шундай жарроҳлик амалиётларини Андижон вилоятида ўтказгандик. Октябрь ойи бошида Наманганда тиббий кўрик ташкил этдик. Энди ўшанда сараланган болаларда  жарроҳлик амалиётларини бажариш учун ўндан ортиқ мутахассис билан келдик. Бир ҳафта давомида жажжиларда юқори технологик операцияларни амалга оширамиз,- дейди Истанбул шаҳридаги Олтинбоши университетининг тиббиёт факультети профессори, болалар жарроҳи Сулейман Челеби.

Амалиётлар давомида туғма нуқсонлар, лаб ва танглай ёриқлари, куйишдан кейинги чандиқлар, қўл-оёқдаги айрим деформациялар, чурра ва бошқа жарроҳлик йўли билан даволанадиган касалликларга алоҳида эътибор қаратилади. Ҳар бир бемор бўйича операция зарурати ва усули тиббий кўрсатмалар асосида мутахассислар томонидан белгиланади.

-         Ўғлим Муҳаммад Мустафо 7 ойлик. Унинг ичакларидаги туғма нуқсонни жарроҳлик йўли билан бартараф этиш керак эди. Туркиялик мутахассислар текширишини эшитиб, боламни улар ҳузурига олиб келдик. Зудлик билан операция қилишди. Хорижлик шифокорлар ва тиббий тадбир ташкилотчиларга оиламиз номидан миннатдорчилик билдирамиз, дейди косонсойлик Муҳсина Турғунбоева.  

Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати — хорижлик ва ўзбекистонлик шифокорлар ўртасидаги амалий тажриба алмашинувидир. Қўшма операциялар маҳаллий мутахассислар учун замонавий жарроҳлик ёндашувларини бевосита ўрганиш, касбий кўникмаларни мустаҳкамлаш ва кейинги ҳамкорликни кенгайтириш имконини беради. 🤝

Болаларни қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан ташкил этилаётган бундай тиббий акциялар оғир касалликка чалинган болаларнинг малакали ёрдамдан ўз ҳудудида фойдаланишига, оилаларнинг даволаниш билан боғлиқ молиявий юкини камайтиришга хизмат қилмоқда. Тиббий кўрик ва операциялар билан боғлиқ харажатлар Жамоат фонди томонидан қопланади.

“Соғлом келажак” акцияси доирасидаги тиббий ҳамкорликни республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам изчил давом эттириш кўзда тутилган. Зеро, ҳар бир боланинг саломатлиги ва соғлом келажаги — жамиятнинг энг муҳим қадриятларидан биридир. 💖

Илҳомжон МУСАЕВ.
Суратларни Машрабжон ҚОСИМОВ олган. 📸