Қувайтлик халқаро хайрия ташкилотлари вакиллари Қорақалпоғистонда: илк манзил — Шуманай тумани
Ўзбекистоннинг Қувайт Давлатидаги элчихонаси ҳамда Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташаббуси билан Қувайтдаги халқаро хайрия ташкилотлари раҳбарларидан иборат делегациянинг Қорақалпоғистон Республикасига ишчи ташрифи ташкил этилди.
📍 Ташрифнинг биринчи манзили — Шуманай тумани.
Қувайтлик ҳамкорлар тумандаги таълим, соғлиқни сақлаш ва аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашга қаратилган ижтимоий лойиҳалар билан яқиндан танишдилар.
Хусусан, Шуманай касб-ҳунар техникумининг моддий-техник базаси ўрганилиб, амалий машғулотлар устахонасини тўлиқ таъмирлаш ва замонавий ускуналар билан жиҳозлаш юзасидан таклифлар илгари сурилди.
🎁 Шунингдек, мактаб ва техникумнинг иқтидорли, намунали ўқувчиларига ўқув қуроллари ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
🏥 Ташриф давомида тумандаги таъмирталаб ва янги қурилган амбулатория объектлари ҳолати кўздан кечирилиб, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
💧 Шу билан бирга, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида қудуқ қазиш лойиҳаси ўрганилди.
🤝 Мулоқотлар давомида мазкур ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга оширишда қувайтлик ҳамкорларнинг молиявий кўмагини жалб этиш имкониятлари атрофлича муҳокама қилинди.
Зеро, таълимга киритилган сармоя — келажакка, соғлиқни сақлашга қаратилган эътибор — инсон ҳаётига, тоза ичимлик суви эса бутун бир ҳудуд фаровонлигига хизмат қилади.
🌍 Эзгулик чегара билмайди. Хайрли ташаббуслар эса инсонлар ҳаётини ўзгартиради!